Кимлар гриппга қарши бепул эмланади?

Эмланганлар пневмониядан ҳам ҳимояланадими?

Ҳозирда аксарият инсонлар бутун дунёга хавф солиб турган коронавирус инфекциясини енгил ўтказиш учун ҳам ўзларини мавсумий гриппга қарши эмлатишга ҳаракат қилишмоқда. Хўш, гриппга қарши эмлаш ҳақида нималарни билишимиз зарур? Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бош мутахассиси Дилором ТУРСУНОВА билан суҳбатлашдик.

– Айтингчи, гриппга қарши вакцинанинг аҳамияти нимада ва эмлаш жараёни қачондан бош­ланади?

– Куз-қиш фаслида респиратор инфекцияли касалликлар кўп учрайди. Улардан бутун дунёда кенг тарқалгани эса мавсумий грипп ҳисобланади. Грипп – юқумли касалликлар сирасига киргани учун бу мавсумда хавфлилик даражаси ортади. Статистик тадқиқотларга кўра, эмлашдан сўнг касалликка чалиниш хавфи 70-90 фоизга камаяди.
Вакцина марказларида аллақачон гриппга қарши эмлаш ишлари бошлаб юборилган. Аксарият инсонлар бутун дунёга хавф солиб турган коронавирус инфекциясини енгил ўтказиш учун ҳам мавсумий грипп учун эмлатишни ихтиёр этишган. Юртимизда ҳам грипп­га қарши эмлатаётганлар йилдан йилга кўпайиб бормоқда.


– Гриппга қарши эмлаш неча ёшдан ва кимларга белгиланади? Ҳомиладор аёллар, чақалоқ ва кекса ёшли инсонлар ҳам бу тиббий хизматдан фойдаланиши мумкинми?


– Вазирлар Маҳкамасининг «Грипп юқтириш ва унинг оғир асоратларини бошидан ўтказиш хавфи юқори бўлган аҳоли ўртасида гриппнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами гриппга қарши вакциналар билан бепул, давлат буджети томонидан эмланади. Жумладан, «Мурувват» ва «Саховат» уйларида яшовчилар, меҳрибонлик ва гў­даклар уйларининг тарбия­ланувчилари бепул эмланади. Аҳолининг бошқа вакиллари эса ўз ҳисобидан, ташкилот ходимлари эса ўша идора маб­лағларидан хусусий эмлаш марказлари орқали вакцина олишлари мумкин.


Ҳомиладор аёллар, нафас олиш органлари ва юрак-қон томир тизимларининг маълум сурункали касалликларига чалинган катта ёшлилар, 60 ёшдан ошган шахс­лар ва 6 ойликдан 59 ойликкача бўлган болалар ҳам бемалол мавсумий гриппга қарши эмланиши мумкин.

Умуман олганда, гриппга қарши вакцинасия қилишга қарши кўрсатмалар йўқ, яъни­­­ бу эмлаш тури ҳаммага қилиниши мумкин. Аммо шунга қарамай, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиб, организмнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганган ҳолда вакцина олиш лозим.

– Айтишларича, гриппга қарши вакцина пневмониядан ҳам ҳимоя қиларкан…

– Грипп ўз вақтида самарали даволанмаса, организмда асоратлар қолдириши мумкин. Пневмония – гриппнинг энг кучли салбий таъсирларидан бири ҳисобланади. Гриппга қарши эмланганлар бевосита пневмониядан ҳам ҳимоя­ланган бўлади.
Вакцина олганлар гриппга 100 фоиз чалинмайди, деб ҳеч ким кафолат бермайди. Аммо гриппга қарши вакцина йўриқномасида 98 фоиз ҳимоя қилиши кўрсатилган.

– Гриппга қарши вакцинани қаердан олиш мумкин ва қаерда ишлаб чиқарилган вакциналарни танлаган маъқул?

– Вакцина дорихонада сотилмайди. Махсус ташкил қилинган эмлаш марказларига борган ҳолатда эмлашни амалга ошириш мумкин. Юртимизга турли давлатларда ишлаб чиқилган вакциналар олиб келинади. Самарадорлиги энг юқори бўлган вакциналар Нидерландия, Германия, Хитой, Ҳиндистон, Россия Федерацияси томонидан ишлаб чиқарилади. Вакцина қабул қилаётганда ҳар бир фуқаро ўз хоҳишига кўра турли давлатда ишлаб чиқилган вакцинадан бирини танлайди.

– Вакцинадан кейин қанча вақтда организмда гриппга қарши иммунитет пайдо бўлади?


– Ҳамма вакциналарники каби мавсумий гриппга қарши вакцина ҳам организмда 15 кун ичида микробларга қарши иммунитет ишлаб чиқади. Таъсир кучи 1 йилга етади. Эмлашдан олдин шифокор томонидан албатта эмланувчи шахснинг умумий саломатлиги текширилиб, шунга кўра вакцинасия қилиш-қилмаслик белгиланади. Яъни, эмланадиган киши шамоллаш, нафас олиш йўллари яллиғланиши каби касалликлардан тамоман соғлом бўлиши керак. Шунингдек, вакцина таркибидаги компонентларга нисбатан аллергик таъсирчанлик даражаси ҳам текширилади.

Яна ўқинг:  Кексаликдаги парвариш мурувват ва бағрикенгликка асосланади

Дилрабо МУРАТАЛИЕВА

суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: