Тиббиёт

Вашингтон университетининг тиббиёт мактаби томонидан суюқ шаклга айлантириш мумкин бўлган қон кукуни яратилди.

Бунинг учун кукун ичига тозаланган сув қўшилади. Мазкур қон 12 соатгача тўхтамасдан ишлаши натижасида беморнинг тўқималарига кислород етказиб берилади. Ўтказилган тадқиқотга кўра бу турдаги кукунни қон учун мўлжалланган контейнерларда сақлаш ҳамда у ишлаб чиқарилган пайтдан бир йилгача бўлган муддатда фойдаланиш мумкин.

Статистик маълумотларга қараганда ўлим ҳолатларининг 70 фоизи айнан кўп қон йўқотилиши натижасида содир бўлади. Ушбу сунъий модда қон қуйишда фавқулодда вазиятларда ишлатилади. Мутахассислар асосан, донор аъзоларни кўчириб ўтказиш жараёни билан боғлиқ ҳамда оғир жарроҳлик амалиётларида (юрак билан боғлиқ) қўшимча вариант сифатида мазкур кукунни киритиш мумкин, деб таъкидлашмоқда.

Ҳозирда олимлар ушбу ихтиронинг салбий ва ижобий хусусиятлари борасида тадқиқотлар олиб боришмоқда.

 

Хуршида ТОЛИБЖОН қизи