Тавсия

Салатлар иштаҳани очадиган ва овқатни фойдали моддалар, дармондорилар (витаминлар) билан бойитадиган хушхўр, енгил ҳазм бўладиган тўйимли таом. Улар хом ва пиширилган сабзавот, ошкўклар, гўшт, балиқ ҳамда мевалардан тайёрланади.

Салатлар тайёрлашда қуйидагиларни ёдда тутинг:

Тайёр маҳсулот дарҳол дастурхонга тортилмайдиган бўлса, уни салқин жойда сақлаш зарур. Қаймоқ, майонез ёки сирка каби қўшимча маҳсулотларни салат дастурхонга тортилишидан бироз аввал аралаштирилади. Пиширилган сабзавотлардан тайёрланадиган салатларнинг масаллиқларини барвақт (1-2 соат олдин) тайёрлаш ва уларни салқин жойда сақлаш керак. Шунингдек, уларни дастурхонга тортишдан бироз олдин аралаштириш лозим.

Хом сабзавотлардан тайёрланадиган бундай гарнирларни фақатгина дастурхонга тортишдан олдин тайёрлаш керак. Салатга ишлатиладиган гўшт ҳамда балиқ иссиқ ва яхна овқат тайёрлангандек пиширилади. Улар совугач, масаллиқларга аралаштирилади.

 

Бу парҳезбоп егулик ўзининг чиройли кўриниши билан иштаҳани очади ва таомларнинг организмда яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради.

Бундан ташқари салатлар таркибида пектин моддалари, ўсимлик клетчаткаси, тўйинмаган ёғ кислоталари бўлиб, уларнинг вужудимизга фойдаси катта. Масалан, ўсимлик клетчаткаси – ичакдаги ортиқча ва зарарли хилтларни ҳайдаб чиқаради ва танамизни тозалайди. Қуйида салатларда ишлатиладиган кўкатлар ва уларнинг хусусиятлари ҳақида қисқача маълумот берамиз.

Шивит

Бу кўкат пешоб ҳайдаш хусусиятига эга. У уйқусизликда, асаб бузилишида жуда фойдали. Шунингдек, меъда фаолиятини ҳам яхшилайди.

 

Райҳон

Райҳон овқат ҳазмини яхшилайди. Яна бу кўкат шивит сингари пешоб ҳайдаш ва асаб тизимини мустаҳкамлаш хусусиятига эга.

 

Шовул

Шовул танада қон ишлаб чиқарилишида анчайин фойдали ҳисобланади. У ҳам овқат ҳазмини яхшилаб, пешоб ҳайдайди.

 

Петрушка

Ушбу шифобахш кўкат мушаклар таранглигини оширади. Ҳамда капилляр(қил томирлар) ва артерия қон томирлар деворини мустаҳкамлаб, юрак фаолиятини яхшилайди. Яна буйрак ва қовуқда тошлар пайдо бўлишининг олдини олади. Кўриш қобилиятини оширади.

 

Салат барги

У асаб тизимини яхшилаб, уйқусизликнинг олдини олади. Қон босимини тушириб, меъда фаолиятини меъёрда ишлашига ижобий таъсир этади. Шунингдек, бу кўкат танадаги қон томирлар деворларини ҳам мустаҳкамлайди.

 

Сельдерей

Организмни умумий қувватлантирувчи ва микробларни нобуд қилувчи табиий дори воситаси сифатида қўлланилади. Қолаверса, бу кўкат асаб, эндокрин ва меъда-ичак тизимлари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.

 

Кўк пиёз

Ушбу табиат неъмати касаллик тарқатувчи вирусларга қирон келтиради. Шунингдек, у пешоб ҳайдаш хусусиятига ҳам эга. Кўк пиёз аъзоларда тош пайдо бўлишининг олдини олади ва иштаҳани очади. Бундан ташқари қон касалликлари, грипп, ЎРВИ(ўткир респиратор вирусли инфекция)лар, организмда витаминлар етишмаслигини даволаш ва бу хасталикларнинг олдини олиш учун жуда фойдали ҳисобланади.

 

Дилдора БОЙМАТОВА,

Қоракўл тиббиёт коллежи ўқитувчиси