Тавсия

Ҳар бир ота-она декабрь ойи бошланиши билан “Янги йилда фарзандимга нима совға олсам экан?” деб бош қотиради. Сир эмаски, жажжи қалб соҳиблари бу байрамдан ўзгача бир мўъжиза кутишади. Улар эртаклардаги воқеалар реал ҳаётда юз беришига астойдил ишонишади. Шундай экан қуйида болажонларга совға танлаш учун ота-оналарга бир қанча тавсиялар бериб ўтамиз.

Янги йил арафасида фарзандингиздан Қорбобога хат ёзишини сўранг. Дилбандингизга у истаган совға ушбу номада қайд қилиниши кераклигини тушунтиринг. Агар болажонингиз ўз истакларини мустақил баён эта олса жуда яхши, аксинча бўлса, ундан кўмаaгингизни аяманг. Бу фарзандингизга совға танлашда энг қулай усул саналади.

2-4 ёш. Бола умрининг энг мўъжизакор даври ҳисобланади. Бу ёшда кичкинтой Қорбобонинг борлигига тамоман ишонади. У тақдим этган совғани ҳайрат тўла нигоҳлар билан қабул қилади. 2 ёш – болакайнинг хотирасида муҳрланиб қолувчи давр саналади. Шундай экан, унинг биринчи Янги йили десак муболаға бўлмайди. Бу ёшда эртакнамо совға тақдим қилсангиз айни муддао.

Ўғил болаларга конструктор, тебраниб турувчи от, сомокат, копток, ёш мусаввир учун керак бўладиган қалам, бўёқ ва қоғозлар жамланмаси, йиғиш мумкин бўлган автомобиль, ўйинчоқлар расми туширилган китобча, катта ҳажмли қурилиш кубикчалари, уч ғилдиракли велосипед, болалар мультифильмлари жамланган диск.

Қиз болалар учун кўнгилочар ўйинчоқлар, қўғирчоқлар, уларни солишга мўлжалланган аравача, расм чизиш учун тахта, сумкача, ёрқин рангдаги соч учун тўғноғичлар, Янги йилни кутиб олишга мўлжалланган кўйлакча.

Унутманг, 2-3 ёшли болажон учун Янги йил байрами у анчадан бери кутган эртакдир.

5-6 ёш. 5 ёшли болакайлар Янги йил мўъжизакор байрам ҳамда унда Қорбободан исталган совғани олиш мумкинлигини жуда яхши билишади. Шу сабаб, улар байрамни интиқлик билан кутишади. Бу ёшдаги болаларга бериладиган туҳфалар бироз кутилмаган, чиройли ва албатта ёрқин бўлиши керак. 6 ёшда болакай ҳамма нарсани билишга интилади. Унинг ҳаётида эртак ва мўъжизалар учун етарли жой ажратилган.

Ўғил болаларга пойга машиналари ёки мотоцикл, поезд ва темир йўл, севимли мультифильм қаҳрамони тасвирланган ўйинчоқ, стол ўйинлари, пластмасса ёки ёғоч конструктор, магнит тахтадаги ўйинчоқлар, мусиқа анжомлари(гитара, доира, рубобча) тақдим этишингиз мумкин.

Қиз болаларга велосипед, ошхона жамланмаси (унда қўғирчоқ учун барча идишлар мавжуд бўлади), катта юмшоқ ўйинчоқ, сотувчи, шифокор ва сартарош ишлатиши мумкин бўлган анжомлар ҳадя қилсангиз бўлади.

7-8 ёш. 7 ёшда болажонларни Қорбобонинг мавжуд эканлигига ишонтириш бироз қийин кечади. Кўпгина совғалар унинг ота-онаси томонидан тақдим қилинаётганини бола ҳис қилади. Фарзандингиз йил давомида энг кўп кутган ва орзу қилган нарсасини сиздан сўраши мумкин. Бу ёшда боланинг истакларидан келиб чиқиб, хадя танлашингиз осон кечади.

Ўғил болаларга осонгина ясаш мумкин бўлган бино ёхуд қаср қурилмаси, қўл соати, бўлажак мусиқачи учун гитара, пианино, қиз болалар учун эса ўйинчоқ тикув машинаси, шахмат, китобчалар, глобус совға қилиш мумкин.

 

9-10 ёш. Бу ёшда фарзандингизнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, совға ҳозирласангиз бўлади. Масалан, қизиқарли китоблар хадя қилсангиз, уларнинг келажакда билимли инсонлар бўлиб етишига ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.

 

Тилагимиз, кириб келаётган Янги йил мўъжизаларга бой бўлсин!

 

Хуршида ҲУСЕНОВА