Хилтлардан холи ҳаёт сурури

Сўнгги йилларда кўпгина кишилар организмидаги турли токсин (заҳар) ва хилтлардан холи бўлиш мақсадида турли хил ҳуқналардан мунтазам фойдаланиб келаётгани ҳақидаги маълумот тез-тез қулоғимизга чалиниб қолади. Хўш, бу қандай муолажа? Унинг фойдали жиҳатлари нималардан иборат? Ана шундай саволларга жавоб олиш мақсадида олий тоифали шифокор, гастроэнтеролог Холида Очиловага мурожаат этдик:

– Инсон организми мураккаб биокимёвий механизм ҳисобланади. Унинг ишлаш функцияси бир меъёрда бўлади. Соғлом одамнинг ичи мунтазам равишда бир кеча-кундузда бир марта, бир хил пайтда бўшалиши ҳам ана шундан далолат беради. Айрим касалликларда беморларда ич келиши тўхтайди. Қабзиятда эса врач томонидан ични юмшатадиган парҳез, сурги дорилари, шунингдек, ҳуқналар тавсия этилади.

Ҳуқна – тўғри ва йўғон ичакни ахлат, токсин ва зарарли моддалардан тозалаш учун қўлланадиган табиий восита ҳисобланади. Бу орқали организмга жўнатилган махсус дамламалар йўғон ичак перистальтикаси (ҳаракати)ни фаоллаштиради. Унинг функционал имкониятларини оширади. Дисбактериоз хавфининг олдини олади. Организмда яллиғланиш жараёнини камайтиради. Ҳуқналар тиббий кўрсатма бўйича касалликларда қабзият юзага келганда, йўғон ичакнинг ўтказувчанлиги бузилганда, организм заҳарланганда, туғруқ жараёнида ёки рентген текширувидан олдин, тўғри ичакка дори юборилишидан аввал қўлланилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳуқналарнинг тозалайдиган, сифонли, озиқли, дорили ва томчили турлари бўлади.

Бу жараённи амалга оширишда махсус мосламалар мавжуд. Асосан Эсмарх кружкасидан фойдаланилади. Унинг сиғими 1-2 литрли шиша, эмаль қопланган, резина резервуарлардан иборат бўлади. Микроҳуқналарда алмаштириладиган пластик учликка эга оддий ноксимон мосламадан ҳам фойдаланиш мумкин.

Тозалаш ҳуқналари

Улар ичакнинг пастки қисмида қотиб қолган ва йўғон ичак деворига ёпишган ахлат қолдиқлари ва ел(газ)дан тозалаш учун қўлланилади. Тозалаш ҳуқнаси енгил таъсир кўрсатади. Бунда ичакнинг фақат пастки қисми бўшалади. Организмга қиритиладиган суюқлик механик, ҳароратли ва кимёвий таъсир кўрсатади. Бу перистальтикани анча кучайтиради. Қаттиқ ахлатни юмшатади ва унинг ташқарига чиқарилишини осонлаштиради. Бемор қаттиқ кучанмаса ҳам ҳуқна бир неча дақиқадан сўнг таъсир қилади.

Унинг сифонли тури

Сифонли ҳуқналар одатда тозалаш ҳуқналари таъсир қилмаганда ёки ичак тутилиб қолганда, шунингдек, бемор заҳарланиб қолганда ва газни йўқотиш мақсадида ачиган, чириган маҳсулотларни, ичакдан тезроқ ҳайдашда қўлланилади. Ичакни тез бўшатиш ва уни кўп марта ювиш учун сифонли ҳуқна энг яхши ва самарали усул ҳисобланади. Бу усулда туташадиган идишлар принципидан фойдаланилади. Бунда идишнинг бири – ичак, иккинчи – ташқи учи тўғри ичакка киритилган резина найчали воронка.

Яна ўқинг:  Организмга қайси витамин етишмаслигини қандай билса бўлади?

Дорили клизмалар

Дори моддаларини оғиз орқали киритиш мумкин бўлмаса ёки бунга монъелик қиладиган ҳолат бўлса, уларни тўғри ичак орқали организмга юборилади. Бунда геморридиал веналар дориларни сўриб олади ва улар жигарни четлаб ўтиб тезда қонга ўтади. Дорили ҳуқналар маҳаллий ва умумий таъсир қиладиган бўлади. Биринчиси йўғон ичакда яллиғланиш жараёнини камайтириш мақсадида, иккинчиси эса организмга баъзан узоқ вақтгача дори ёки озиқ моддаларни киритиш учун қўлланилади. Микроҳуқналар орқали бемор организмига кўпинча оғриқсизлантирадиган, тинчлантирадиган ва ухлатадиган моддалар юборилади.

Томчили муолажалар

Кўп миқдордаги йўқотилган қон ёки суюқлик ўрнини тўлдириш учун узоқ вақт таъсир қиладиган дорили ҳуқналар қўлланилади (томчилаб юбориш усули) 5 фоизли глюкоза эритмаси ва изотоник натрий хлорид эритмаси билан кўп миқдорда юборилади.

Озиқли клизмалар

Озиқли моддаларни оғиз орқали киритиб бўлмаган ҳолларда уларни тўғри ичак орқали юбориш мумкин. Бу сунъий овқатлантириш турларидан бири ҳисобланади. Озиқли ҳуқналарнинг қўлланиш доираси жуда чегараланган. Чунки, ҳуқна ёрдамида суюқлик киритиладиган йўғон ичакнинг пастки бўлимида фақат сув, изотоник натрий хлорид эритмаси, глюкоза эритмаси ва спирт сўрилади. Оқсиллар ва аминокислоталар эса қисман сўрилади.

Крахмалли ҳуқналар

Крахмалли ҳуқналар ичаклар перистальтикасини камайтириш ва ўткир колит(қабзият)ларда ахлатни ўраб олиб, юмшатадиган восита сифатида қўлланилади. Уни бажариш техникаси – 5г. крахмал(картошка, гуруч, маккажўхори, буғдой крахмали) 100 мл. совуқ сувда суюлтирилади ва аралаштирилиб турган ҳолда аста-секинлик билан унга 100 мл. қайноқ сув қўшилади. Сўнгра бу шифобахш аралашма 40 С гача совутилади ва тўғри ичакка юборилади.

(Давоми бор)

Маърифат ТОЛИПОВА

тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: