Саломатлик

Инсон организми фаолиятида магнийнинг аҳамияти жуда катта. Унинг кўп қисми суяк тўқималари таркибида бўлади.

Қон плазмаси, эритроцитлар ва юмшоқ тўқима таркибида бу элемент асосан ионлашган ҳолда учрайди. Шунингдек, унинг кўпгина қисми оқсиллар, айниқса, фермент оқсиллари билан боғланган. Агар ҳайвонлар магний тузлари бўлмаган озуқа билан боқилса, уларнинг юрак фаолияти издан чиқиб, нобуд бўлади. Мабодо, қонга кўп миқдорда магний тузлари юборилса, кишининг боши айланади, бу ҳолат магнезиал наркоз деб аталади.

Ушбу кимёвий элемент қон томирларини кенгайтирувчи, ичаклар ҳаракатини яхшиловчи, ўт ажралишини кўпайтирувчи хусусиятга эга. Магний бирикмалари – магний сульфат, магний карбонат, магний тиосульфат каби дори воситаси сифатида ишлатилади. Ичак ва қон томирлар деворларида, юрак ва суяк мушакларида магний етишмаса, уларда кальций кўпайиши тажрибаларда аниқланган.

Киши организмининг бу моддага бўлган эҳтиёжи асосан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобига қондирилади. Айниқса, ҳомиладор ва эмизикли аёллар организмининг магнийга бўлган эҳтиёжи кучли.

Катта ёшдаги кишилар бир кунда 500 мг, ҳомиладорлар 925 мг, эмизикли аёллар 1250 мг, 3 ёшгача бўлган болалар 140 мг, 14-17 ёшгача бўлган ўсмирлар 530 мг. магний истеъмол қилишлари лозим.

Озиқ-овқат маҳсулотларидан ловия, мош, сули, гречка ёрмасида, нўхат ва бошқа дуккакли маҳсулотларда магний мўл бўлади.

 

Мўхтабар САГАТОВА,

1-Республика тиббиёт коллежи ўқитувчиси