Саломатлик

Қиш ойларида ўпка ва нафас йўлларида грипп ва ЎРВИ(ўткир респиратор вирусли инфекция)лар сабабли турли хасталиклар пайдо бўлиш хавфи ортади.

Улар орасида энг кўп тарқалгани пневмония – зотилжам саналади. Ўпка яллиғланиши бу аъзони зарарлайдиган инфекция сабабли юзага келади. Унинг аломатлари кишида иситманинг кўтарилиши, йўтал, нафас сиқиши каби ҳолатлар билан намоён бўлади. Кўпгина ҳолларда ўпка яллиғланишини антибиотиклар билан самарали даволаш мумкин. Баъзан муолажалар амбулатория шароитида ўтказилади. Аммо бу дард жуда хавфли касаллик бўлиб, айрим ҳолларда мудҳиш оқибатларга олиб келади. Ёш болалар, кекса кишилар, шунингдек, турли йўлдош хасталиклари мавжуд беморлар зудлик билан шифохонада даволанишлари зарур.

Бу касалликни турли бактериялар, вируслар, айрим ҳолларда замбуруғлар келтириб чиқаради. Бактериологик пневмония юқори нафас йўлларининг яллиғланиши, масалан, грипни бошдан ўтказганда юзага келиши мумкин. Хасталикни келиб чиқишида 50 фоиз ҳолатларда вируслар сабаб бўлади. У ҳаво-томчи йўли орқали юқори нафас йўлларига тушади. Кўпгина ҳолларда бу касаллик 65 ёшдан ошган кексалар ёки сурункали хасталанганлар ёки иммунитети паст болалар ҳамда ҳомиладорларда ривожланади. Пневмониянинг илк аломатлари грипп, ЎРВИга ўхшаб ўтиши мумкин. Бактериологик пневмония хасталиги ўткир ҳолда кечиб, хасталик ўз вақтида даволанмаса сурункали тус олиши мумкин. Иситма кўтарилади, титраш, кўкрак қафасида кучли оғриқ пайдо бўлади. Касаллик кўп терлаш, қуюқ яшил ёки сариқ тусли балғамнинг ажралиши, томир уриши ва нафас олишнинг тезлашиши, тирноқ ва лабларнинг кўкимтир тусга кириши билан кечади. Вирусли пневмониянинг ҳам ўзига хос аломатлари мавжуд. Яъни, иситма, қуруқ йўтал, бош ва мушаклардаги оғриқ, ҳолсизлик, беҳоллик ва нафас олганда кучли ҳансираш кузатилади. Бемор бундай пайтда вақтни ортга сурмай, зудлик билан шифокорга кўриниши лозим.

Беморларга аниқ ташхис қўйиш учун улар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишлари зарур. Ташхис қўйишда ўпканинг рентгенография қилиш ўта муҳим усул.

Рентген сурати акси орқали ўпканинг зарарланган қисми, унинг даражаси, ўпка пардаси орасида суюқлик бор-йўқлигини яхши кўриш мумкин. Шунинг учун узоқ муддатга чўзилган касалликда, йўтал ва иситма кўтарилганда, нафас сиққанида дарҳол рентгенография кўригидан ўтиш лозим.

Пневмония хасталигини даволаш муолажаларини шифокор олиб боради. Бактериологик пневмония антибиотиклар ёрдамида самарали даволанади. Одатий ҳолларда антибиотиктерапиядан 24 соатдан сўнг натижа сезила бошлайди. Энг муҳими даволанишни тўхтатмаслик ва уни мунтазам олиб бориш лозим. Беморнинг аҳволи анча яхшиланган бўлса-да, соғайиш жараёни 2-3 кундан ортиқ вақтга чўзилса, қабул қилинаётган антибиотикларни алмаштириш лозим. Агар хаста одамнинг аҳволи ўзгармаса, у шифохонада даволаниши зарур.

Бу хасталикдан холи бўлиш учун нималарга эътибор бериш керак?

Ўпка яллиғланиши кўпгина ҳолларда яхши даволанмаган грипп, ЎРВИдан сўнг асорат сифатида қолиши мумкин. Ҳар йилги грипга қарши эмлаш ҳам хасталикка қарши профилактика ҳисобланади. Бунда эса қўлларни мунтазам совунлаб ювиб туриш энг яхши ҳимояланиш вазифасини ўтайди. Организмнинг касалликларга қарши курашувчанлигини ошириш учун тўғри ва соғлом овқатланиш зарур. Ўз вақтида дам олиш, очиқ ҳавода сайр, бадантарбияга алоҳида эътибор бериш лозим. Чекиш, ичиш каби салбий одатларни ташлаш зарур. Чунки, бу иллатлар иммунитетни сусайтириб, бронхлар ва ўпкаларнинг респиратор вирусларга қарши курашувчанлигини камайтиради.

 

Наталья ГАФНЕР,

Фтизиатрия ва пульмонология ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази кичик илмий ходими