Нигоҳ

зеро, бунда огоҳлик энг биринчи масаладир

Ишдан ҳориб уйга қайтганимда фарзандларим бағримга отилади. Уларнинг юз-кўзларидаги қувончни, бахтни кўриб, дилим қувнайди.

Оиламдаги осойишталик тафтидан бир зумда чарчоғим ёзилади. Баъзан ишда тунги навбатчиликда қолсам, уйга қўнғироқ қилиб, “Яхши ўтирибсизларми, тинчмисизлар?” деган саволимга жавобан турмуш ўртоғим, “Хавотир олманг, дадаси, ахир сиздек Ватан ҳимоячилари бор экан, кўнглимиз хотиржам, ҳаётимиз тинч, фарзандларимиз шод”, дейди. Албатта, бунинг барчаси тинчликдек олий неъматнинг меваси эканини ҳис қиламан.

Ҳар бир ҳарбий хизматчи ўз вазифасини ўтар экан, аввало, оиласи, ота-онасининг тинчлигини, сўнг, биродарлари, ватандошларининг хавфсизлиги ва хотиржамлигини ўйлаб, сидқидилдан хизмат қилади. Энг муҳими, ўз уйимизни ўзимиз қўриқлаётганимиз кишига ҳам ғурур ва мамнунлик, ҳам ифтихор бағишлайди. Нега десангиз, бир пайтлар оталаримиз, боболаримиз йигитлик бурчини ўзга юртларда ўташган. Ҳатто, ўзгаларнинг сиёсий манфаатларини деб қон кечиб жангга киришган. Булар эртак эмас, ҳақиқат эканлигини биргина Афғон урушидан ногирон бўлиб қайтган ўғлонларимиз тилидан, уларнинг яқинларидан эшитганмиз.

Ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, халқининг эрки унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилиниши керак. Зотан, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, ўз истиқлоли ва озодлигининг қадрини билмайдиган, уни ҳимоя қилолмайдиган, бунга куч-қурби етмайдиган миллат ҳеч қачон эркин яшай олмайди, кимгадир итоат этишга, бўйин эгишга мажбур бўлади. Шу боис, 1992 йил 14 январда мустақил давлатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий қисм ва бўлинмаларни Ўзбекистон тасарруфига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди ва бу кун том маънода Ватан ҳимоячилари куни сифатида истиқлол солномасига муҳрланди.

Шундан сўнг, миллий армиямиз тубдан ислоҳ этилиши натижасида Ватанга хизмат қилиш шарафли бурчга айланди. Тақдирини юрт ҳимояси билан боғлаган асл ўғлонлар давлатимиз эътиборини, ғамхўрлигини юракдан ҳис қилиб яшаяптилар. Бу эътиборни ҳарбий хизматчиларнинг уй-жой билан таъминланишидан тортиб, намунали хизмат қилган йигитларнинг олий ўқув юртига ўқишга киришигача бўлган имтиёзларда кўриш мумкин. Қолаверса, юртимизда мудофаа қудратини янада юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшаётган ҳарбийларимиз хизматини қадрлаш, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган, фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш мақсадида “Мустақиллик”, “Амир Темур”, “Жалолиддин Мангуберди” орденлари, “Жасорат”, “Содиқ хизматлари учун” каби медаллар таъсис этилди.

Мана, заҳматли, синовли йиллар ортда қолиб, Қуролли Кучларимиз ташкил топганига ҳам 25 йил тўлмоқда. Ушбу байрамни нишонлаш ҳамда давлатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган ҳарбий хизматчиларни, Қуролли Кучлар фахрийлари ва хизматчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” эсдалик нишонининг таъсис этилиши Ватан ҳимоячиларига бўлган юксак эътиборнинг яна бир намунасидир. Бир сўз билан айтганда бугун биз учун ҳарбий соҳада хизмат қилиш, нафақат фахрли бурч, балки юксак шон-шарафга айланган. Зеро, биз, ўзбек йигитларига мардлик, жасурлик ва юртни ҳимоя қилиш – аждодлардан мерос анъана. Мана шу анъана Қуролли Кучларимиз сафидаги ҳарбий хизматчиларнинг фидойилиги, осойишталигимизни сақлашга қаратилган огоҳлиги билан бардавомдир.

 

Санъат ХУДОЙБЕРГАНОВ,

Капитан